avatar
Куч
1.00
Рейтинг
+0.36

Мақолалар

ҲАЁТИ ИБРАТ, СЎЗИ ҲИКМАТ МЕҲРИБОНЛАРИМ

“Менинг бобом, бувим-маҳалламиз фахри” мавзусида ташкил этиладиган “Энг яхши иншолар” танлови
Илм-фан
 
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида ўтказилаётган «Менинг бобом, бувим – маҳалламиз фахри» мавзусидаги иншолар танловига
 
ҲАЁТИ ИБРАТ, СЎЗИ ҲИКМАТ МЕҲРИБОНЛАРИМ
Режа:
  1. Бобом ва бувим – жамиятнинг фаол аъзоси
  2. Юртимизда нуронийлар учун яратилаётган шароитлар
  3. Меҳри дарё қадрдонларимни маҳалла аҳли ардоқлайди
 
Ҳалол, хотиржам, сермазмун умр кечириш – энг олий бахт. Шу боис ёши улуғ кексаларимиз, шу қаторда менинг бобом ва бувим ҳам дастурхон устида дуога қўл очаркан, аввало эл-юртга тинчлик ва осойишталик, биз, фарзандларига тани сиҳатлик, узоқ умр тилайди. Менинг бобом Усмон ота Мелиқулов ва бувим Салима ая Болтаевалар ҳар тонгни шукрона билан бошлаб, барчамизга омонлик тилаб, ҳузур-ҳаловатда яшашнинг қадрига етишимизни такрорлашдан чарчашмайди.
 
Юртимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлидан ёшларни ватанпарварлик, фидойилик, меҳнатсеварлик руҳида камол топтиришда кенг фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Маҳалламизда ҳам ўтказиладиган турли маданий-маърифий тадбирларда бобожоним маҳалла ёшларига ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб берадилар. Уларнинг панду насиҳатлари, ўгитлари тенгдошларимга жуда ёқади. Чунки бу сўзлар давр синовидан ўтган, бугунги кунга ҳам тўғри келади.
 
… Келинг сизга сўзлайин, бобом бувим ҳақида. Улар турмуш кечирар – «Тинчлик учун» нақлида. Бўлганлар доим огоҳ ёшлар тарбиясида. Дерлар, кўрганин қилар қушлар ўз уясида. Иккиси ҳам ўқитувчи, маҳаллада устоздир. Ёшу қарига дер бу иш носоз, буниси эса создир. Катта-кичик уларни ҳурмат қилар кўп. Чунки улар ақлли, доно ва бир сўзли хўб. Маҳаллада тўй бўлса бобомсиз ўтмас асло. Бувимнинг таомлари ширин, тотли, бебаҳо. Улар маҳалла, туман, юртимизнинг фахридир. Шу Ватан фарзандларин болам деса ҳақлидир...
 
Юқорида айтганимдек улар иккиси ҳам чет тили фани ўқитувчиси бўлишган. Улар ҳалоллик, меҳнатсеварлик, камтаринликни ўзига шиор билиб яшаётган пиру бадавлат нуронийлардан. Қийинчиликларда тобланган бу инсонлар ўттиз беш йилдан ортиқ вақт мобайнида «болаларимиз бахтли бўлсин» деб Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги 39- ва 36-умумтаълим мактабларида ёшларга дарс бериб келган. Улар хорижий тилларни ўрганиш давр талаби эканини, тил билган – эл билади, деган нақлнинг нечоғли аҳамиятга эга эканини бот-бот такрорлайдилар. Бобомнинг бу эзгу ниятлари Президентимизнинг: «Замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан, ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш лозим”, дея таъкидлаганлари ва тил ўрганишнинг амалиётда кенг қўлланганлигида ўз ижобатини топди. Ҳозир уларнинг иккиси ҳам пенсиядалар. Меҳрибонларим ҳар гал:
 
– Болаларим биз хоҳ ўқиётган, хоҳ ишлаётган вақтимиз бўлсин, имкониятлар йўқ эди. Кўргазмали қуролларимизни ўз шароитимиздан келиб чиқиб тайёрлар эдик. Ҳозир «оила-мактаб-маҳалла» биргаликда сизлар учун қулайликлар яратиб бермоқда. Сиз кучли билим эгаси бўлишингиз, шу юрт тақдири учун меҳнат қиладиган чин фарзандлар бўлиб улғайишингиз керак. Сизлар шу юртнинг келажагисиз, дейдилар.
 
Юртбошимиз раҳнамолигида нуронийларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, шарт-шароитларни яратиш, яхши турмуш кечиришлари учун барча имкониятлар яратилмоқда. Жорий йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши замирида ҳам уларга бўлган чексиз ҳурмат ва эътибор мужассам. Бобомни ҳам маҳалла аҳли ҳар байрамда қутлашга келади. Уларнинг заҳматли меҳнати, қийин шароитларда мактаб учун кўрсатган фидойиликлари, бувим эса ёшлар таълим олиши учун яхши шароит яратиш мақсадида, синфхоналарни иситиш, таъмирлаш, керакли воситалар билан таъминлашга кўрсатган ёрдами, кучи сабр-қаноати учун бугун роҳатда. Улар меҳнати ортидан қадрли.
 
Фарзандларининг ҳам тиниб-тинчиши, униб-ўсиши, барчасининг маълумотли бўлиб эл хизматида юришида жонкуяр ва фидойи бобом ва бувимнинг ҳассаси катта. Юксак сабр-қаноат, шукроналик билан яшаш, барча қийинчиликларни вазминлик, оғир-босиқлик билан ҳал этишни шогирдларига, бизга ўргатишади.
 
Улар ёш улуғ бўлсада қадами илдам, серғайрат. Токқайчи тутганча ҳовлидаги ишкомни, хурмо, беҳи, олма дарахтларини, биз, набиралари, кичкинтойлар қувлашиб юрган гулзорни парваришлашдан чарчамайдилар. Бутун қишлоқ, маҳалла ва туман миқёсида дарахт ва гул кўчатларини қандай экиш, шакл бериш ва уни парваришлаш ҳақида маслаҳатлар берадилар. Шу боис уларни йўқлаб келувчилар аримайди. Ҳовлида уларнинг ўзлари эккан райҳону, жамбиллар, турли гуллар таровати кўзни қувонтиради. Хушбўй ҳиди ён-атрофга таралади.
 
Уларнинг иккисини ҳам маҳалла аҳли сўзи ҳикмат, ҳаёти эса ибрат кексаларимиз деб аташади.
Муҳаммадкарим УСМОНОВ,
Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманидаги
36-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси (+99893 220-69-65)